БААда ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари ташкил этилиши мумкин

Абу-Даби ва Дубайдаги йирик савдо марказларида ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари сотишга ихтисослашган ўзбек дўкони очилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 окт — Sputnik. Абу-Даби ва Дубайдаги йирик савдо марказларида ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари ташкил этилади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликларида амалий сафар билан бўлиб турган Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев қатор икки томонлама музокаралар ўтказган.
Хусусан, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “Sheikh Zayed Grand Mosque” мажмуаси раҳбарияти билан учрашув ташкил этилган. Унда ҳар йил ноябрь ва март ойларида Абу Даби амирлигида бўлиб ўтадиган "Шайх Зоид" фестивалида Ўзбекистон павильонини ташкил этиш ва ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотларини тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Абу-Даби ва Дубай шаҳарларидаги йирик савдо марказларида ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилган.
"Precise group" компаниялар гуруҳи президенти Л.Хохман билан бўлиб ўтган учрашувда компаниянинг эсдалик совғаларини ишлаб чиқариш имкониятларини Ўзбекистонда йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.
Музокаралар натижасида жорий ойда Дубай халқаро аэропортига туташ ҳудудда, "Precise group" компаниясига тегишли савдо майдонида ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконини ташкил этишга тўғрисида келишувга эришилган.