“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ишлари қандай бажарилмоқда

Лойиҳа асосида агротехник қоидаларга риоя этган ҳолда, суғориш тизими билан экилган дарахт кўчатларининг кўкарувчанлик даражаси юқори бўлганини кўрсатган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу билан жойлардаги яшил майдонларни кўпайтириш мақсад қилинган. Лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга доир тадбирлар белгиланган.
“Республикада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида кўчат экиш ишлари якунланиб, ҳозирда экилган кўчатларни суғориш, парваришлаш ва касалланишига қарши курашиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда”, - деди Давлат экология қўмитаси бўлим бошлиғи Шавкат Инназаров Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Бу йил баҳор мавсумида режадаги 125 млн 30 минг дона ўрнига 126 млн 414 минг дона кўчатлар экилган. Шундан Тошкент шаҳрида жами 802 минг дона кўчат экилиб, 128 фоизга иш бажарилган.
Акция доирасида маҳаллалар ва бошқа объектлар ҳудудларида 25,8 млн дона, фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига ҳамда иҳота дарахтлари 44,8 млн дона, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларида 6,2 млн дона, автомобиль йўллари ёқасига 4,6 млн дона, Ободонлаштириш объектларига 21,8 млн дона, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига 23,2 млн дона кўчатлар экилган.
“Кўчатларни етиштириш ва етказиб беришда очиқ-ошкораликни таъминлаш ва уларнинг нархи асоссиз ошиб кетмаслиги учун жойларда 300 дан ортиқ кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилди ва уларнинг фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатилди ва улар мунтазам равишда ишлаб келмоқда”, - деди мутахассис.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар захирасини яратиш мақсадида ҳар бир ҳудудда питомниклар (кўчатхоналар) ташкил этилмоқда.
Лойиҳа бўйича бугунги кунга қадар 56 та туманда умумий майдони 428,9 га бўлган кўчатхоналар ташкил этилди, 349,6 км томчилатиб суғориш тизимлари жорий этилди.
“Ушбу лойиҳага оддий аҳолидан тортиб, ташкилот ходимлари, кўнгиллилар жалб қилинди. Улар ўз хоҳишлари билан жараёнларда фаол иштирок этишаётгани бизни жуда қувонтиради”, - деди Шавкат Инназаров.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг қўшма қарорига мувофиқ дарахт ва бута кўчатларини парваришлаш учун “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган ва бошқа ишсиз 8 941 нафар фуқаролар жалб этилиб, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизими жорий этилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, лойиҳа асосида агротехник қоидаларга риоя этган ҳолда, суғориш тизими билан экилган дарахт кўчатларининг кўкарувчанлик даражаси юқори бўлганини кўрсатган.
Масалан, 4Р12 автомобиль йўлининг 16-74 км қисмида (Юқоричирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари) йўл ёқаларида экилган 56 минг туп, Ғузор туманида "Шўртангазкимё" корхонасига туташ ҳудудда 11 га майдонда экилган 6 мингдан ортиқ кўчатларнинг кўкарувчанлик даражаси 90 фоиздан ортиқни ташкил этади.
Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги "Аҳрорхўжа Сожида" фермер хўжалиги томонидан "Ўрикзор" маҳалла фуқаролар йиғини худудида 30 йилдан буён фойдаланилмаётган, ўзлаштирилмаган 107 гектар адирлик ер майдонига 200 минг дона наъматак, 10 минг дона бодом кўчатлари, Фарғона вилояти, Сўх туманида тоғолди адирларига 40,0 минг дона наъматак, 2 минг дона бодом кўчатлари экилганлиги, наъматак ва бодом кўчатлари сувсизликка чидамли ва қўшимча даромад манбаи бўлганлигини инобатга олиб ушбу тажрибани республика миқиёсида қўллаш чораси кўрилмоқда.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларининг атрофларига, дала четларига тут ва терак кўчатлари оммавий ҳолда экилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йили ноябрда бошланган. Унинг доирасида республика ҳудудида 200 миллионта дарахт кўчатини экиш режалаштирилган. Кузда эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” доирасида 85 миллион дона дарахт кўчатлари экилди.