ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Ҳиндистонда одамларни олиб кетаётган трактор ва тиркаманинг ҳовузга қулаши оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Times of India” хабар бермоқда.
Ҳодиса кечаси Уттар-Прадеш штатининг Канпур округида содир бўлган. Тиркамада 50 га яқин одамни олиб кетаётган трактор ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қўйган, шундан сўнг машина сувга қулаган. Маҳаллий ҳукуматга кўра, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Уларнинг барчаси маҳаллий ибодатхонадаги диний маросимдан уйига қайтаётган бўлган.
“Канпурдаги трактор тиркамаси ҳалокатидан қайғудаман. Менинг ҳаёлим яқинларини йўқотганларда. Ярадорларга дуодамиз. Маҳаллий маъмурият жабрланганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда”, деб ёзди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Унинг қўшимча қилишича, қурбонларнинг оилаларига бош вазирнинг ёрдам фондидан 200 минг рупий (2440 доллар), жабрланганларга эса 50 минг рупий (612 доллар) миқдорида товон пули тўланади.
Уттар-Прадеш бош вазири Йоги Aдитьянатҳнинг айтишича, “тиркамали тракторлар одамларни эмас, балки фақат юк ташиш учун ишлатилиши керак”.