АҚШнинг Индиана тиббиёт университети тадқиқотчилари баъзи антибиотиклар нима учун эшитиш қобилияти йўқолишига сабаб бўлишини аниқлади.
Масалан, аминогликозидлар табиий ва ярим синтетик антибиотиклар гуруҳи ҳисобланади. Улар қарийб 100 йилдирки, инфекцияларни даволашда қўлланиб келинмоқда.
Чунки ушбу препаратлар арзонлиги ва тез таъсир кўрсатиши билан ажралиб туради. Шу боис муолажа жараёнида ундан кенг фойдаланиш оммалашган.
Мутахассислар хулосасига кўра, аминогликозидлар 20-47 фоиз беморларда қулоқлардаги эшитиш анализаторининг бир қисми бўлган ҳужайралар ўлимига олиб келиши мумкин. Қолаверса, бунга дори воситаларининг токсик хусусиятлари ҳам сабаб бўлади.
Тадқиқот муаллифлари ушбу жараённинг асосий биокимёвий ҳамда молекуляр механизмларини ўрганди. Маълум бўлишича, мазкур гуруҳга мансуб антибиотиклар ҳужайраларда эшитишни қабул қилишда иштирок этадиган RIPOR2 оқсилига таъсир ўтказади.
Оқибатда айни шу оқсил ўз ўзини йўқ қилиш, яъни аутофагия жараёнига киришади ва қулоқларнинг эшитиш қолбилияти йўқола боради.
Изланувчиларнинг қайд этишича, ушбу янгилик антибиотиклар ножўя таъсирини бартараф этишга қаратилган муолажа чораларини ишлаб чиқишда қўл келиши мумкин.