ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Ўзбекистон билан чегаралар масаласи тинч йўл – музокаралар йўли билан ҳал қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Кыргызстан.
Унинг қайд этишича, расмийлар қирғиз-тожик чегарасидаги 200 километрлик баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади.
“Қайси йўл бўлишидан қатъи назар, биз аҳолининг тинч ҳаётини таъминлаш учун чегарани делимитация ва демаркация қилиш масаласини ҳал қиламиз”, деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.
Aввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумат делегациялари Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича қўшма йиғилиш баённомасини имзолаган эди.
Ҳужжат чегаранинг алоҳида участкалари бўйича янги шартнома лойиҳасини келишиш тартибини бошлаш имконини беради.