ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Украина Қуролли кучлари Запорожье вилоятининг озод қилинган қисмига чиқишда турган фуқаролик автомобиллари колоннасига зарба берди. Бу ҳақда “Биз Россия билан биргамиз” ҳаракати раиси, Запорожье вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов РИА Новостига маълум қилди.
“Украиналик жангарилар Ореховская шоссесидаги бозор ҳудудида навбатда турган ўнлаб фуқаролик автомобиллари бўлган карвонга зарба беришди. Биздаги маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар бор”, дейилади хабарда.
Унинг таъкидлашича, Киев режими содир бўлган воқеани рус қўшинлари томонидан ўққа тутилган деб ўйланишига ҳаракат қилмоқда.
Роговнинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати яқинда Россия Федерацияси субъектига айланадиган ҳудудга одамларнинг чиқиб кетишининг олдини олиш учун ўзлари назорат қилаётган ҳудуддаги аҳолини қўрқитмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Украинанинг озод қилинган ҳудудларининг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича референдумлар бўлиб ўтган эди. Референдум натижаларига кўра ДХРда - 99,23%, ЛХРда - 98,42 %, Херсон вилоятида - 87,05 % ва Запорожье вилоятида - 93,11% аҳоли Россияга қўшилишни ёқлаб овоз берган.
МСКлар ҳисоботига кўра, умумхалқ референдумларида тўрт кун давомида ДХРда – 97,51 фоиз, ЛХРда – 92,6 фоиз, Запорожье вилоятида – 85,4 фоиз, Херсон вилоятида – 76,86 фоиз аҳоли сайловларда иштирок этган.