Жосусликда айбланган япон дипломати Россияни тарк этди

Ташқи ишлар вазири Тацунори у айбланган фаолият билан шуғулланмаганини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Аввалроқ Владивостокда махфий маълумотларни тўплагани учун ҳибсга олинган япон дипломати Мотоки Тацунори 28 сентябрь куни Россияни тарк этди. Бу ҳақда Токиодаги матбуот анжуманида ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши маълум қилди.
“Дипломат 28 санада Россияни тарк этди, бироқ Японияга ҳали етиб келгани йўқ. Вазиятнинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, батафсил маълумот беришдан тийиламан”, дейди у.
Вазир Тацунори у айбланган фаолият билан шуғулланмаганини таъкидлади, шунингдек, Россия томонининг ҳаракатларини танқид қилди.
“Бу консуллик ходими персона нон-грата деб эълон қилинганига ишониш қийин. Биз аллақачон Россия томонига норозилик билдирганмиз ва бунга жиддий ёндашишни талаб қилишда давом этамиз”, дея қўшимча қилди ТИВ раҳбари.
Хаяши, шунингдек, Токио ўз дипломатини чиқариб юборганлик учун жавоб чораси имкониятини кўриб чиқаётганини айтди. Бироқ у бундай ҳаракат тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортди.
26 сентябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Япониянинг Владивостокдаги консули Мотоки Тацунори жиноий иш билан ҳибсга олинганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, консул пул мукофоти эвазига “Россиянинг Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан бири билан ҳамкорлигининг жорий жиҳатлари, Ғарб санкциялар сиёсатининг Приморск ўлкасидаги иқтисодий вазиятга таъсири ҳақида чекланган маълумот” олаётган вақтда қўлга олинган.
Япония томонига дипломатик каналлар орқали норозилик билдирилди, консулнинг ўзи эса персона нон-грата деб эълон қилинди. Унга 48 соат ичида Россияни тарк этиш буюрилди.