ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар қоғозда расмийлаштирилган ва ўз қўли билан имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади. Бу ҳақида президент томонидан имзоланган “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган.
Қонунга кўра, электрон тижоратда шартнома тарафлар ўртасида шартнома шартларини электрон ҳужжатлар ва хабарларни тасдиқлаш йўли билан келишиш орқали электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилади.
Электрон тижоратда сотувчилар қуйидагилардан иборат:
Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни ва хизматларни) чакана ёки улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар.
Соҳада тўловлар қуйидаги усулларда амалга оширилади:
Нақд пул маблағлари билан;
Пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш орқали;
Электрон пуллардан фойдаланган ҳолда.
Савдо майдончаларининг операторлари, тўлов хизматларини етказиб берувчилар ва товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ўз ахборот тизимларига ёки банк ҳисобрақамларига “эскроу” хизматини жорий этиши мумкин.
Товарлар учун харидор томонидан тўловни амалга ошириш чоғида “эксроу” хизматини кўрсатувчи тўланган пул маблағларини харидор товарлар олинганлигининг тасдиғи олингунига қадар сақлаш ҳуқуқига эга.
Агар товар етказиб берилмаса ёки тавсифга мос келмаса, “эксроу” хизматини кўрсатувчи пул маблағларини харидорга қайтаради. Агар товар хоридор томонидан қабул қилинган бўлса, пул маблағлари сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Маълумот учун, эскроу хизмати бу молиявий битим бўлиб, унда учинчи томон келишувда қатнашувчи икки томон учун зарур бўлган тўлов маблағлари, келишув тўлиқ амалга ошгунига қадар, ўзида сақлаш ва бошқаришни ўз зиммасига олади.
Бу ўз навбатида мабағларни шартли сақлаш ҳисоб рақамида ушлаб туриш орқали, келишувни янада хавфсиз бўлишига имкон яратади. Тўлов ишончли компаниянинг назорати остида фақат шартноманинг барча шартлари бажарилганда очиладиган хавфсиз ҳисоб рақамда сақланади.