ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Хива шаҳарида 9 та қўлёзма топилиб, Хоразм Маъмун академияси тасарруфига топширилди. Бу ҳақида Фанлар академияси хабарр берди.
Қўлёзмалар орасида Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарининг туркий таржимаси ҳам мавжуд.
“Ушбу таржима ўзбек адабиёти ва таржимонлик мактабига улкан ҳисса қўшган Муҳаммадризо Огаҳий қаламига мансуб ва дастхатлиги аниқланди. Шу пайтгача таржимоннинг ушбу асар дастхат нусхаси йўқ эди”, дейилади хабарда.
Қўлёзма шарқ қоғозига кўчирилган, ҳошияларда тузатиш ва қўшимчалар бор.
Асар таржимаси тўлиқ, 220 варақда мавжуд. Асосан шеър таржималарининг қўшимчалари ҳошияда берилган, бу ҳам ўз навбатида шоир дастхати эканлигидан далолатдир.
Нодир қўлёзмалар
© Фанлар академияси
Қўлёзмада колофон йўқ бўлиб, ҳижрий 1279/1862-1863 йиллар санаси кўрсатилган. Огаҳий дастхатларида деярли ҳар доим колофон мавжуд бўлмайди.
Нодир қўлёзмалар
© Фанлар академияси
Айтилишича, айни ҳолатни фақат Огаҳий дастхатига нисбатан эмас, балки Хива хонлигида битилган бошқа дастхат нусхалар учун ҳам хос.
“Афтидан, мазкур жиҳат ўша давр Хива хонлиги китобат ишининг ўзига хос хусусияти бўлиши мумкин. Ушбу нусха асарнинг бошқа қўлёзмалари билан солиштириши керак”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Саъдий Шерозийнинг (1210–1292) дунёга машҳур асарларидан бири “Гулистон” таржимаси шаҳзода Муҳаммадраҳим II буюртмаси билан амалга оширилган.
Саъдий Шерозийнинг ушбу асар таржимаси бир неча марта ўзбек тилига Сайфи Саройи, Муҳаммадризо Огаҳий, Мулла Муродхўжа Солиҳхўжа, Ғафур Ғулом ва Шоислом Шомуҳаммедов, Рустам Комиловлар томонидан таржима қилинган. Яқинда асарнинг Афтондил Эркинов томонидан яна бир туркий таржимаси аниқланди.
Огаҳий таржимасининг 2019 йилга қадар 3 та қўлёзмаси маълум эди, ушбу йилда асарнинг яна бир қўлёзмаси аниқланганган.