ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев барча Ўзбекистон педагогларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда.
Мирзиёев таълим тизимини янада ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширадиган энг асосий вазифалардан бири сифатида белгиланганига эътибор қаратган.
Барча ҳудудлари, айниқса, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилади.
“Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз. Чунки, Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш – ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир. Барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман”, - дейилади табрикда.
Ўзбекистонда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланади.