Қорақалпоғистонда “Борсакелмас” қўриқхонаси ташкил этилади

У ерда табиий мажмуалар ва ландшафтлар, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвон турлари муҳофазага олинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.
Ҳужжат билан табиатни муҳофаза қилиш давлат муассасаси шаклида Қўнғирот туманида умумий майдони 280 минг гектар бўлган “Борсакелмас” давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилмоқда. Қўриқхона Давлат экология қўмитаси тузилмасига киради.
Буюртма қўриқхонаси ҳудудида табиий мажмуалар ва ландшафтлар, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвон турлари муҳофазага олинадиган асосий объектлар ҳисобланади.
Қўриқхона қўриқланма зонасидаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади.
Унинг фаолиятини молиялаштириш 2022 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон бюджети маблағлари, Давлат экология қўмитаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.