Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари транзит юклар ҳақида келишиб олди

Жорий йил 15 декабридан бошлаб божхона чегаралари орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган товар ва транспор воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тизими ишга туширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари раҳбарлари ўртасида ҳамкорликнинг 2023-2024 йилларга мўлжалланган режаси имзоланди. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Чимкентда Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг Қозоғистон Молия вазирлиги давлат даромадлари қўмитаси раиси Данияр Жаналинов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари
Томонлар ўзбек-қозоқ давлат чегарасида жойлашган "Навоий" (Ўзбекистон) – "Қоплонбек" (Қозоғистон) ҳамда "Доут ота" (Ўзбекистон) – "Тажен" (Қозоғистон) чегара-божхона постларида қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш муддатларини ўзаро мувофиқлаштириш ва бу жараёнда юзага келадиган вазифаларнинг ижросини муҳокама қилишди.
Шунингдек, божхона чегаралари орқали транзит тарзда ҳаракатланаётган товар ва транспор воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тизимини жорий йил 15 декабридан бошлаб ишга туширишга келишиб олишди.
Учрашувда икки давлат ўртасида ташқи савдо бўйича божхона статистикаси маълумотларини ўзаро таққослаш ва мувофиқлаштириб бориш, божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган энергия ресурларини биргаликда божхона назоратидан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари
Божхонага доир масалаларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозоғистонги элчихонаси таркибида доимий “божхона хизмати вакили” фаолиятини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.
Келишувга биноан навбатдаги учрашув 2023 йилнинг иккинчи чорагида бўлиб ўтади.