ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида 91 нафар соҳа ходимини тақдирлади. Тегишли фармон матнини президент матбуот хизмати эълон қилди.
Фармонга мувофиқ, Қоракўл академик лицейининг математика фани ўқитувчиси Мустофоев Жуманазар Сафоевич ҳамда Марҳамат туманидаги 47-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Шамсидинов Абдуқодир Умарович "Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси" фахрий унвони билан тақдирланди.
Шунингдек, Янгиқўрғон туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг география ва биология фанлари ўқитувчиси Мамадалиев Исомиддин Имомалиевич ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-имконияти чекланган болалар учун мактаб-интернати тарбиячиси Эшанкулов Баходир Ахмадалиевич "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" фахрий унвони билан тақдирланди.
Мирзо Улуғбек туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Богдасарова Татьяна Михайловна, Гулистон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг мусиқа маданияти фани ўқитувчиси Уралов Абдували Тургунович ва Ўзбекистон Миллий университетининг эҳтимоллар назарияси ва математик статистика кафедраси профессори Форманов Шакир Касимович эса "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвонига лойиқ кўрилди.
Зарбдор туманидаги 25-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Байтемиров Асадулла Хаитбоевич ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми кафедраси профессори Тўхлиев Нурислом "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланди.
Бундан ташқари, 13 нафар педагог "Меҳнат шуҳрати" ордени билан, 21 нафар ўқитувчи II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан, 16 нафар соҳа ходими "Дўстлик" ордени билан ҳамда яна 32 нафар ўқитувчи ва мураббий "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.