Олий таълим муассасаларининг янги миллий рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистонга энг кўп хорижлик профессор-ўқитувчилар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Беларусь давлатларидан ташриф буюрган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Таълим инспекцияси томонидан 2021 йил якунлари бўйича Олий таълим муассасалари ва академик лицейлар янги миллий рейтинги эълон қилинди.
Рейтинг доирасида битирувчилари мавжуд 92 та олий таълим муассасасининг фаолияти самарадорлигига 4 та йўналиш ва 20та индикаторлар бўйича баҳо берилди.
Фаолият самарадорлиги йўналишлари:
илмий-тадқиқот фаолияти ва таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграцияси;
ўқув-методик ишлар фаолияти ва ўқитиш сифати;
талабалар билими ва битирувчилар сифати;
спортни ривожлантириш.
Миллий рейтинг натижалари олий таълим муассасаларининг соҳавий мансублигидан келиб чиққан ҳолда тайёрланди.
Ижтимоий-гуманитар соҳада етакчи ОТМлар (жами 33та):
Ўзбекистон миллий университети,
Тошкент молия институти,
Самарқанд давлат университети,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси,
Тошкент давлат юридик университети;
Сўнгги ўринлар - Қарши давлат университетининг педагогика институти, Термиз давлат университетининг педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида етакчи ОТМлар (жами 21 та):
“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети,
Навоий давлат кончилик институти,
Тошкент давлат техника университети;
Сўнгги ўринлар: Термиз муҳандислик технология институти, Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти.
Медицина соҳасида етакчи ОТМлар (жами 9та):
Тошкент тиббиёт академияси,
Бухоро давлат тиббиёт институти,
Тошкент давлат стоматология институти;
Сўнгги ўринларни: Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти эгаллади.
Маданият, санъат ва спорт соҳасида етакчи ОТМлар (жами 6 та):
Ўзбекистон давлат хореография академияси,
Миллий рассомчилик ва дизайн институти;
Сўнгги ўринларда: Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти.
Шунингдек, энг кўп хорижлик профессор-ўқитувчилар Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида фаолият олиб борган.
Энг кўп хорижлик профессор-ўқитувчилар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Беларусь давлатларидан ташриф буюришган. Энг кўп талабалар Туркманистон, Покистон, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистондан келишган.
Маълумот учун, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ОТМ ва лицейлар рейтинги 2017 йилдан бошлаб ҳар йили эълон қилиб келинмоқда. Миллий рейтинг тузишдан мақсад - олий таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини янада юқори босқичга олиб чиқиш ва уларни халқаро рейтингларга киришига ҳар томонлама кўмаклашишдир.