“Катта спорт байрами бўлади”: Тошкентда ўтказиладиган дзюдо бўйича ЖЧга тайёргарлик авжида

Ўзбекистонда илк бор 6-13 октябрь куни дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. 6 октябрда Тошкентда бошланадиган катталар ўртасидаги дзюдо бўйича 35-жаҳон чемпионатига қизғин тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Чемпионат пойтахтдаги “Humo arena” мажмуасида ўтказилади. 6-12 октябрь кунлари индивидуал мусобақалар, 13 октябрда эса жамоавий баҳслар бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионатида ер юзининг энг кучли спортчилари йиғилади. 2024 йилги халқаро Ёзги Олимпия ўйинларига спортчилар рейтинг баллар йиғишни бошлашган. Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида олинган баллар ҳам ушбу рейтингга қўшилади.
Чемпионатда иштирок этиш учун ҳозирги кунга қадар 85 та давлат ариза топширган, 600 га яқин дзюдочилар иштирок этади. Шундан 320 нафар эркаклар, 270 нафар аёлларни ташкил этади. Ариза топширган мамлакатлар орасида Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғилистон, Жанубий Корея, Европа давлатлари бор.

“Бу катта спорт байрами бўлади, мусобақаларга республиканинг турли ҳудудларидаги ҳаваскор ёшларни, шогирдлар ва қизиқувчиларни ҳам жалб қиламиз. Жаҳон чемпионати бу мамлакатнинг спортдаги салоҳиятини кўтаради, туризм, транспорт-логистикаси ва бошқа соҳаларга ҳам фойда келтиради. Чунки жаҳон чемпионатини томоша қилишга ҳам хориждан кўплаб сайёҳлар келиши кутилмоқда”, - деди Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Улуғбек Кабулов Sputnik билан суҳбатда.

Ўзбекистондан мусобақаларда кимлар иштирок этиши бўйича ҳозирча махсус таркиб шакллантирилмоқда. Тез орада (30 сентябрга қадар) миллий дзюдочиларнинг рўйхати эълон қилинади.
Ҳозир мамлакат дзюдо федерацияси чемпионат учун расмий эмблемалар, турнир рамзи учун логотиплар, иштирокчилар учун махсус мукофотлар, медаль ва сувенирларни тайёрламоқда.
Ўзбекистон дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги ЖЧда умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади
Маълумот учун, дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган V Ислом бирдамлик ўйинларида 13 та медаль (шулардан 6 таси олтин) қўлга киритиб, 50 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаганди.