ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Тошкентда 29 сентябрь куни гибрид форматда "ШҲТ Самарқанд саммити: Минтақавий ва халқаро хавфсизлик, барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.
Анжуманда ШҲТга аъзо, шунингдек, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Венгрия сингари бир қатор узоқ хориж давлатлари эксперт ва таҳлилий доираларининг 30 дан ортиқ таниқли вакилини жамлаш режалаштирилган.
Хитой Ижтимоий фанлар академияси ШҲТ тадқиқотлари институти директори Дэн Хао, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси Сиддхарт Саксена, Европа истиқболни белгилаш ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюи, Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнел ҳам иштирок этади.
Кун тартиби Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммити якуни, ташкилот доирасида хавфсизликни таъминлаш, савдо-иқтисодий алоқани фаоллаштириш, транспорт-логистика тизимида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, маданий-гуманитар муносабатни мустаҳкамлаш каби масалаларини қамраб олган.
Ўзбекистон президенти саммит доирасидаги нутқида билдирган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусига алоҳида эътибор қаратилади.
Экспертлар мазкур ташаббуснинг моҳияти, аҳамияти юзасидан атрофлича фикр алмашади, ғоянинг амалий мазмунини бойитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган концептуал ҳужжатлар батафсил кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда тузилма тарихига энг йирик ва нуфузли сиёсий воқеа сифатида кирган ШҲТ саммити бўлиб ўтди.
Унда 14 давлат етакчиси, 10 халқаро ташкилот раҳбари иштирок этган тадбир давомида аксарияти стратегик аҳамиятга эга 44 ҳужжат имзоланди.