ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Давлат тест маркази чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича сентябр ойида ўтказиладиган тест синови саналарини эълон қилди.
Унга кўра тест синовининг ёзма қисми 29 сентябр куни, гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса 30 сентябрь куни ўтказилади.
Тест синовлари барча ҳудудларда, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади.
Талабгорлар имтиҳон жойи, куни ва аниқ вақтини my.gov.uz сайти орқали “Менинг аризаларим” бўлимидан билишлари ва рухсатномани юклаб олишлари мумкин.
Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида ярим соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келишлари сўралади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тест синовлари октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида ҳам ташкил этилиб, ҳар ойда 2 маротаба ўтказилади. Кўплаб талабгорларнинг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда чет тилини билиш даражасини аниқлаш тест синовлари сентябрь ойида ҳам ўтказилиши белгиланди.