Ўзбекистон ва Грузия божхона соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Грузиянинг божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштиришдаги тажрибасини ўрганмоқчи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Грузия божхона хизматлари профессионал кадрларни тайёрлаш тўғрисида ҳамкорлик Меморандумини имзолади.
Ҳужжат Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегациянинг Грузияга амалий ташрифи давомида имзоланди.
20-23 сентябрь бўлиб ўтган ташриф чоғида Грузия Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати раҳбари Леван Какава билан музокаралар олиб борилди. Учрашув якунида Ахборотларни олдиндан алмашишга доир баённома ҳам имзоланди. Ҳужжат божхона расмийлаштируви вақтини қисқартириш, жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилиши лозим.
Мавлонов музокараларда Грузия божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштиришда қисқа муддатда туб ўзгаришлар қила олгани билан алоҳида аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлади. Шу жиҳатдан Грузия тажрибаси ва ютуқларини ўрганиш, ўзлаштириш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон делегацияси “Тбилиси” божхона расмийлаштируви ҳудудида ҳам бўлди.
ДБҚ раиси декларацияларнинг расмийлаштирилиши жараёнларини яқиндан кўздан кечирди ва масъулларга илғор тажрибаларни пухта ўзлаштириш юзасидан топшириқлар берди