ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Фарғонада “Central Asia Motors” корхонаси негизида йил якунига қадар электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қилинган ишларни кўздан кечирган. Корхонада, шунингдек, электромобиллар учун кузов, қувватлаш станцияси, аккумулятор эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилади.
Қайд этилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда. Шундан 40 миллион долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади.
Йилига 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш, унинг 40 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Корхона бош директори Баҳодир Аҳмедов вилоят раҳбарига электромобиллар ишлаб чиқариш жараёнлари жорий йил якунига қадар бошланишини маълум қилди.
Аввалроқ Фарғонадаги “Central Asia Motors Cо” корхонасида ўтган йил декабридан электромобиллар синов тартибида ишлаб чиқарила бошлангани хабар қилинган эди.