Норов: биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли МОда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди

Ўзбекистон дунё ҳамжамияти Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашига умид билдирмоқда
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлади.
Вазир Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказила бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари механизми минтақавий ҳамкорликдаги янги даврининг ёрқин тимсолига айланганини таъкидлади.
Жорий йил июль ойида бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида XXI асрдаасрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинди.
Норовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда.
Вазир жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида БМТ бош котиби кўмагида ўтказилган БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган халқаро конференция сермаҳсул бўлганини қайд этди.
“Форум натижаларини инобатга олган ҳолда, биз Глобал стратегияни муваффақиятли амалга ошириш ва янгиланган қўшма ҳаракатлар режасининг бажарилишини доимий мониторинг қилиш мақсадида Марказий Осиёда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишни таклиф қиламиз, - деди Норов.