ТОШКЕНТ, 25 сен — Sputnik. Дунё янада барқарор, башорат қилинадиган ва гуллаб-яшнаши учун самарали халқаро ҳамкорлик зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлади.
Дунёдаги вазият
Вазирнинг сўзларига кўра, замонавий дунёда глобал даражадаги чуқур ишонч инқирози, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиши, геосиёсий қарама-қаршиликларнинг кескинлашуви ва блок тафаккурининг қайта тикланиши хавфи кузатилмоқда.
Қуролли тўқнашувлар дунёнинг турли бурчакларида кенгайиши ва кучайиши оқибатида ҳали пандемия оқибатларидан тикланишга улгурмаган халқаро савдо-иқтисодий алоқаларни беқарорлашмоқда. Озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш муаммолари янада оғир тус олаётир.
Норов глобал иқлим ўзгариши, табиий ва сув ресурсларининг етишмаслиги, юқумли касалликлар тарқалиши можароларнинг кучайиши, гуманитар инқирозларнинг юзага келишига сабаб бўлиб, инсоният ҳаётига таҳдид солаётганини қайд этди.
“Ҳеч бир мамлакат глобал хавф ва қийинчиликлардан қочиб қутула олмайди ёки уларни ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Инқирозларнинг хавфли спиралидан чиқиш барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорликда кўринади. Дунё янада барқарор, башорат қилинадиган ва гуллаб - яшнаши учун самарали халқаро ҳамкорлик зарур”, - Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.
У бугунги шароитдан келиб чиққан ҳолда БМТнинг глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишдаги марказий ролини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Ташкилотнинг ўзи ҳам содир бўлаётган ўзгаришларга самарали жавоб бериш учун ривожланиши керак.
Норов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сентябрь ўртасида Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлик ташаббусини илгари сурганини эслатди.
“Унинг мақсади халқаро муносабатларда ўзаро ишонч ва барқарорликни тиклашга кўмаклашиш, шунингдек, геосиёсий рақобат, мафкуравий қарама-қаршиликлар ва тортишувлардан холи бўлган кенг мулоқотни йўлга қўйиш орқали бирдамликни мустаҳкамлашдан иборатдир”, - дея тушунтирди вазир.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш масалаларини 2023 йили Самарқанд форумида БМТнинг юқори даражали вакиллари, сиёсий етакчилар, жамоат, бизнес ва илмий доираларнинг нуфузли арбоблари иштирокида кўриб чиқиш режалаштирилмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси
ТИВ раҳбари ўз нутқида бу йил мамлакатда 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси” қабул қилинганини таъкидлади. У демократик жараёнларни чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган.
Норов Ўзбекистон муҳим сиёсий тадбир – Конституциявий ислоҳотлар арафасида турганини қайд этди. Асосий қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар халқ муҳокамасида кўриб чиқилади ва референдумга қўйилади.
Иқлим ўзгариши
Вазир Ўзбекистон "яшил" кун тартибининг долзарб масалаларини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини жиловлаш борасидаги кўп томонлама саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёрлигини қайд этди.
Ўзбекистон Париж келишуви доирасида иссиқхона газларини камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олгани, "яшил" иқтисодиётга ўтиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегияни амалга ошираётир.
Ўтган йили Ўзбекистон президенти "Яшил макон" номли кенг кўламли ташаббусни илгари сурди. Унинг доирасида келгуси беш йил ичида бутун мамлакат бўйлаб 1 миллиард дарахт ва бута экиш кўзда тутилган.
Жорий йил якунига қадар БМТ шафелигида Нукусда биринчи Оролбўйи халқаро форумини ўтказиш режалаштирилган.
2023 йили Ўзбекистонда илк маротаба БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси томонларининг 14-конференциясини, шунингдек, Чўлланишга қарши Конвенцияни амалга оширишни кўриб чиқиш бўйича Қўмитанинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.