ТОШКЕНТ, 23 сен - Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш БМТ Бош ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган учрашувда озиқ-овқат маҳсулоти бўйича келишувнинг амалга оширилишини муҳокама қилди, уни тўлиқ амалга ошириш зарурати тасдиқланди. Бу ҳақда Россия ТИВ хабар берди.
“Қора денгиз портларидан Украина озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўғитларини тўсиқларсиз экспорт қилиш бўйича Истанбул келишувларини амалга оширишнинг бориши батафсил муҳокама қилинди. Томонлар уларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш зарурлигини тасдиқлади”, дейилади учрашувдан сўнг берилган баёнотда.
Бундан ташқари, Лавров ва Гутерриш Россия ва БМТнинг ўзаро ҳамкорлиги, ташкилот ва унинг котибияти фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ ташаббусларни муҳокама қилган.
“Фаолияти унинг низом мақсадлари ва тамойилларига, жумладан, барча аъзо давлатларнинг суверен тенглигига қатъий асосланиши керак бўлган жаҳон ташкилотининг марказий мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиш бўйича ўзаро мажбурият яна бир бор тасдиқланди”, дея қўшимча қилди Россия ТИВ.
22 июль куни Истанбулда Россия маҳсулотларини экспортга етказиб беришдаги чекловларни бекор қилиш ва Украина донини экспорт қилишда Россиянинг ёрдами бўйича кўп томонлама битимлар имзоланди. Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган келишув Украина ғалласи, озиқ-овқат ва ўғитларини Қора денгиз орқали учта портдан, жумладан Одессадан экспорт қилишни назарда тутади.