Ипотека олувчиларга қўшимча имтиёзлар - президент қарори

Ипотека кредитининг бир қисмини тўлаш учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 сен - Sputnik. Ўзбекистонда ипотека кредити олувчиларга қўшимча солиқ ва бошқа имтиёзлар берилмоқда. Бу ҳақида президентнинг янги қарорида айтиб ўтилган.
Хусусан:
1.
Даромад солиғи бўйича имтиёз. 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди;
2.
Тўлиқ тайёр бўлмаган квартираларни сотиб олиш. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилмоқда;
3.
Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш. "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖга тижорат банклари томонидан аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 3 йил муддатга 12 фоиз ставкада ва фоиз тўловларини ҳар 6 ойда тўлаш шарти билан 300 млрд.сўмгача бюджет ссудасини ажратиш белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Нурафшон шаҳрида 22 сентябрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари кенгаши сессиясида Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш мақсадида келгуси йилдан “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастурини амалга ошириш бошланишини маълум қилган эди.