БРИКС давлатлар ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга ваъда берди

БРИКС давлатлари мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКEНТ, 23 сен – Sputnik. БРИКС давлатлари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Aфрика) барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга ваъда берди, мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишга содиқликларини таъкидлади. Бу ҳақда БМТ Бош Aссамблеясининг 77-сессияси доирасида бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилиши якунлари бўйича баёнотда айтилган.
“Вазирлар барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга ваъда берди, мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни мулоқот ва маслаҳатлашувлар йўли билан, тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади ҳамда инқирозларни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшадиган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, учрашув иштирокчилари “низоларни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали тинч йўл билан ҳал этиш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашдаги асосий ролини эътироф этган”.
Вазирлар, шунингдек, “халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига асосланмаган ҳар қандай мажбурлов чораларидан воз кечиш зарурлигини таъкидлаган”.