Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Запорожье вилояти Киевдан қўшинларини олиб чиқиб кетишини талаб қилди

Запорожье вилояти ҳудудининг 27 фоизи, жумладан Запорожье вилояти маркази Киев режими назорати остида қолмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Украина қўшинлари Запорожье вилоятининг қолган қисмини зудлик билан тарк этиши керак, акс ҳолда референдумдан кейин улар босқинчилар ҳисобланади. Бу ҳақда РИA Новости агентлигига вилоят маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов маълум қилди.
Бугунги кунда Россия ҳарбийлари Запорожье вилояти ҳудудининг қарийб 73 фоизини назорат қилади, қолган 27 фоизи, жумладан Запорожье вилояти маркази Киев режими назорати остида қолмоқда.
“Украина Қуролли кучлари Запорожье вилоятининг қолган қисмини зудлик билан тарк этиши керак. Aкс ҳолда, референдум ўтказилгач, мустақиллик эълон қилиниши ва вилоят Россия Федерацияси таркибига кириши билан Украина қўшинлари босқинчи сифатида қабул қилинади ва уларнинг ҳар қандай ҳаракатлари Россияга қарши тажовуздир”, деди Рогов.
19 сентябрь куни ДХР ва ЛХР Жамоат палаталари республикалар раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечникга Россия таркибига қўшилиш бўйича зудлик билан референдум ўтказиш ташаббуси билан мурожаат қилди. Эртаси куни ДХР ва ЛХР расмийлари референдум 23-27 сентябрь кунлари бўлиб ўтишини эълон қилди. Шунингдек, 20 сентябрь куни Херсон ва Запорожье вилоятлари маъмурияти референдумларни худди шу саналарда ўтказиш режасини эълон қилди.