ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Санкциялар Россияга қараганда Европа кўпроқ азоб чекмоқда. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама муносабатлар бўйича давлат котиби Тамаш Менцер маълум қилди.
“Санкциялар киритилган пайтда, Брюссель улар Европага қараганда Россия учун оғирроқ бўлишини айтганди. Бу ҳам рўй бермади. Гап , айтиш жоиз бўлса, “азоб-уқубат мусобақаси” бошлангани ҳақида боряпти”, - деди у M1 телеканалига берган интервьюсида.
Менцер санкцияларнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳақида гапираётганлар сиёсий воқелик ва ҳозирги муаммолар жиддийлигини қабул қилишмаётганликларини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда санкция сиёсати самаралими ёки йўқлиги устида бош қотирмоқ зарур.
Аввалроқ Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Европа иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар тўплами ҳақидаги суҳбатларни бас қилиши кераклиги, бу Европадаги энергетика инқирозини фақат кучайтиришини маълум қилган эди.
Маълумот учун, Ғарб давлатлари Украинадаги махсус операция фонида Россиянинг нефть ва газ экспортидан келадиган даромадларини чеклаш бўйича турли уринишларни амалга оширишда давом этмоқда. Экспертлар хулосасига кўра, углеводородлари етказиб берувчи занжирларининг узилиши Европа ва АҚШда ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келади ва бу жараён аллақачон бошланган.
Владимир Путин аввалроқ Россияни жиловлаш ва кучсизлантириш сиёсати Ғарб давлатлари учун узоқ муддатли стратегия эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг асосий мақсади миллионлаб одамлар ҳаётини ёмонлаштиришдир.