ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Хитой Халқ Озодлик Армияси (ХХҚ) "ҳақиқий жанговар ҳаракатларда иштирок этишга тайёргарликка эътибор қаратиши керак", деди ХХР раиси ва мамлакат Марказий ҳарбий комиссияси раҳбари Си Цзиньпин.
Хитой марказий телевидениесининг хабар беришича, у шундай кўрсатмани Пекинда ўтказилган миллий мудофаа ва ҳарбий ислоҳотлар бўйича семинар иштирокчиларига юборган. Тадбирда Хитой коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзолари иштирок этди.
Хитой раҳбари, шунингдек, армияни ислоҳ қилиш мақсадларига эришиш режасига қатъий риоя қилишни топширди.
2015 йилда Хитой ҳукумати қуролли кучлар самарадорлигини ошириш учун уларни ислоҳ қилиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Си Цзиньпин фикрича, мамлакатда керак бўлса ҳар қандай душманни қайтаришга қодир бўлган ўта замонавий армия пайдо бўлиши керак. Энг муҳим талаб – жанговар шайлик ва ғалаба қозониш қобилиятидир, - деди Хитой раҳбари.
Шундай қилиб, ислоҳотлар доирасида стратегик ракета қўшинларини яратди, улар ҳозирда қуруқлик, ҳаво, денгиз кучлари ва ХХР халқ қуролли полицияси билан бирга Хитой Қуролли Кучларини ташкил қилади.
Хитой раҳбари 2017 йилда бўлиб ўтган Хитой Коммунистик партиясининг 19-съезди очилишида ҳам 2035 йилгача қуролли кучларни замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган тарзда модернизация қилишни якунлаш режалаштирилаётганини айтган эди.