ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Олмаота шаҳридаги “Кен Дала” бизнес марказида Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг Қозоғистондаги ваколатхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Тадбирда ЎзРТХБ раиси Зиёвиддин Бадриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси, Қозоғистон ишбилармон доиралари вакиллари, Бош консуллик ходимлари иштирок этди.
ЎзРТХБ раисининг сўзларига кўра, Олмаота шаҳрида ЎзРТХБ ваколатхонасининг очилиши биржа савдосининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларнинг икки қардош давлатнинг товар бозорларига ўзаро киришини осонлаштиришга қаратилган.
Шунингдек, биржада савдо ҳажмини ошириш, хорижий ҳамкорлар, жаҳоннинг етакчи биржалари, халқаро молия ташкилотлари ва тузилмалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, биржа савдоларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда ташқи савдо майдончалари тармоғи ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда томонларнинг электрон платформаларида биржа савдоларини ташкил этиш бўйича тажриба алмашиш, биржа савдосининг замонавий шакллари, усуллари ва технологияларини шакллантириш ва такомиллаштиришда ўзаро ёрдам кўрсатиш каби амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.