Миграция агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликларни оммавий намойишларда иштирок этмасликка ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликка чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлардан давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўради.
“Ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўрайди”, - дейилади хабарда.
Агентликнинг эслатишича, бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.