Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Херсон вилояти маъмурияти референдум ўтказишга қарор қилди

Херсон вилояти маъмурияти раҳбари Кремль референдум натижаларини қабул қилишига ишонч билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Херсон вилояти маъмурияти вилоятнинг Россия Федерацияси таркибига кириши бўйича референдум ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда маъмурият раҳбари Владимир Сальдо маълум қилди.

“Ҳурматли Херсон вилояти аҳолиси! Жамоат ташкилотлари ва вилоят аҳолисининг мурожаатларини кўриб чиқиб, Херсон вилояти маъмурияти раҳбарияти Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича референдум ўтказишга қарор қилди”, - деди Сальдо. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирилган.

Сальдо Кремль референдум натижаларини қабул қилишига ишонч билдирди. Унинг қўшимча қилишича, Россия таркибига қайтиш вилоят хавфсизлигини таъминлайди, унинг аҳолиси учун янги имкониятлар очади ва тарихий адолат тантанасига айланади.
Вилоят раҳбари Херсон вилояти Россия билан бирлашиш йўлини белгилаб қўйгани ва ундан қайтмаслигини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, бир кун олдин ЛХР ва ДХР жамоат палаталари референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқди - улар республикалар раҳбарлари Леонид Пасечник ва Денис Пушилинга мурожаат қилди. Мелитополда ҳам Запорожье вилояти фуқароларининг қурултойи бошланди, у ерда ҳам худди шундай имкониятни муҳокама қилиш режалаштирилмоқда.
Махсус операция давомида Россия ҳарбийлари Херсон ва Запорожье вилоятининг Азов денгизига туташ қисмини назоратга олди, Херсон, Мелитополь ва Бердянск каби йирик шаҳарларни озод қилди. Ҳар икки вилоятда янги маъмуриятлар шакллантирилди, Россия телеканаллари ва радиостанциялари эфирга узатилмоқда, Қрим билан савдо ва транспорт алоқалари тикланмоқда. Вилоятлар Россия таркибига кириш режаларини эълон қилди. Бундан ташқари, саккиз йил ўтгач, Шимолий Қрим канали блокдан чиқарилди.