ТОШКЕНТ, 20 сен - Sputnik. AҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп амалдаги президент Жо Байденни у Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг дафн маросимида ўтирган жой учун масхара қилди. Бу ҳақда “Skynews” ёзмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден ва биринчи хоним Жилл Байден Вестминстер аббатлигининг орқа томонида қирол Чарльз III дан 14 қатор орқада ўтирган.
“Мана, бор-йўғи икки йил ичида Aмерика билан нима содир бўлди. Ҳеч қандай ҳурмат йўқ”, деди Дональд Трамп.
Сиёсатчи ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Жо Байден бошчилигида Қўшма Штатлар халқаро майдонда ҳурматини йўқотганини айтган.
“Агар мен президент бўлганимда, улар мени у ерга ўтирғизишмасди ва бизнинг мамлакатимиз ҳозиргидан бутунлай бошқача бўларди!”, деб ёзган сиёсатчи ижтимоий тармоқда.
Мамлакатни 70 йилдан ортиқ бошқарган Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябрь куни Шотландияда 96 ёшида вафот этди. 19 сентябрь куни унинг дафн маросими ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, AҚШ президенти Жо Байденнинг Елизавета II нинг дафн маросимида кулгани видеога тушиб қолганди.