ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. 30 ноябрдан 2 декабргача Тошкентда “Ипак йўлида туризм-2022” 27-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси (ТХТЙ) бўлиб ўтади. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ярмарка “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонида ўтказилади. Унинг ташкилотчилари Туризм ва маданий мерос вазирлиги, “Миллий ПР маркази” давлат унитар корхонаси, The SAYS LOT МЧЖ вакили SAYS кўргазма компанияси ҳисобланади.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш, ишбилармонлик алоқалари ва ҳамкорликни йўлга қўйишга ёрдам берувчи ахборот майдончасидир.
ТХТЙ-2022 доирасида конференциялар, Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудларининг тақдимотлари, миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиладиган гастро-бозор ташкил этилади.
Ярмарка бутун дунёдан сайёҳлик бизнеси мутахассисларини бирлаштиради ва ушбу соҳанинг барча вакиллари: етакчи сайёҳлик ва транспорт компаниялари, авиакомпаниялар, йирик меҳмонхоналар тармоқлари, дипломатик корпуслар ва туризм соҳасидаги таълим муассасалари ходимлари учун манфаатли бўлади.
ТХТЙ доирасидаги форум спикерлари сифатида туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирок этади. Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, мамлакатдаги янги манзилларнинг туристик салоҳиятини баҳолаш, Ўзбекистон ҳар бир ҳудудининг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналарига шўнғиш учун ноёб имкониятга эга бўлади.
ТХТЙ 1995 йилдан бери БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда. Кўргазма ҳар йили сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини жамлаб, ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун шароит яратиб келмоқда.