Тожикистон ва Қирғизистон тинчлик протоколини имзолади

Протокол икки давлатнинг чегарадаги қўшимча кучларни олиб чиқиб кетишини ва ўт очишни тўхтатишини назарда тутади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. 19 сентябрь, душанба куни тунда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймумин Ятимов чегарадаги қўшимча кучларни олиб чиқиб кетишни назарда тутувчи протоколни имзолади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Томонлар чегара ҳудудларида барқарорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди, шунингдек, ўт очишни тўхтатиш режимига мажбурий риоя этилишини таъкидлади”, -деган нашр суҳбатдоши.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев журналистларга протокол имзоланганини тасдиқлади.
“Протоколни мен ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймумин Ятимов имзоладик. Чегарадаги вазият барқарорлашмоқда”, - деган махсус хизмат раҳбари.
Тинчлик баённомаси учта пунктни ўз ичига олади:
• қўшинларни чегара чизиғидан доимий жойлаштириш жойларига олиб чиқиш;
• икки давлат чегарасида фақат чегара отрядларининг мавжудлиги;
• чегара масалаларини ҳал этиш жараёнини давом эттириш.
Ташиевнинг сўзларига кўра, икки давлат чегарасида вазиятни барқарорлаштириш бўйича ишлар давом этади.
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик тўқнашувлар 16 сентябрь куниэрталаб бошланган. Томонлар бир-бирини ўқ узганликда айблади. Икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги шиддатли жанглар чегаранинг деярли бутун периметри бўйлаб кун бўйи давом этди. 17 сентябрькуни эрталаб вақти-вақти билан тўқнашувлар қайта бошланди. Томонлар бир-бирини сулҳ битимини бузганликда айблади. Отишма фақат шанба куни кечқурун тўхтади.
14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида навбатдаги қуролли тўқнашув юз берди. Томонлар уни бошлашда бир-бирларини айблашмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, чегарадаги қуролли тўқнашув оқибатида 59 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 100 дан ортиқ киши жабрланган. Қирғизистон президенти 19 сентябрни қурбонлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилди.
Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, чегарадаги тўқнашувда 41 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.