ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Россия Каспий минтақасида тинчлик ва барқарорликни сақлашдан манфаатдор, у беш қирғоқ давлати доирасида яхши қўшничилик асосида ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таъкидлади.
“Россия учун ҳаётий манфаатлар Каспий минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, унинг соҳилбўйи давлатларининг яхши қўшничилиги, ишонч ва ҳамкорлиги асосида барқарор ривожланиши, Каспий денгизининг иқтисодий, шу жумладан, транзит салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат”, дейилади баёнотда.
“Россия шу мақсадда “Бешлик” доирасидаги кўп қиррали тизимли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, бу жараённи босқичма-босқич институционаллаштириш тарафдори. Биз минтақадаги қўшниларимиз билан барча соҳаларда алоқаларни кенгайтириш устида фаол ишламоқдамиз”, дея таъкидлади Лавров.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Каспий бўйича барча масалалар минтақадан ташқари кучларнинг салбий таъсиридан қочган ҳолда, фақат соҳилбўйи беш давлат томонидан консенсус асосида ҳал қилиниши керак. “Каспий бешлиги” Россиядан ташқари Эрон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистонни ўз ичига олади.