Дунёда "омикрон"нинг турли мутациялари доминант версияларга айланди

"Омикрон"нинг турли мутациялари доминант версияларга айланди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 сен — Sputnik. Дунёда "омикрон"нинг турли мутациялари доминант версияларга айланиб бўлган. Бу Халқаро соғлиқни сақлаш тузилмалари ўтказган махсус тадқиқотда маълум бўлди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, олимлар тадқиқот давомида молекуляр-генетик биологиянинг 219 та усули ёрдамида дунёнинг турли минтақаларидан олинган 16 та таҳлил намунасини текширган.
“Якунда тадқиқ этилган барча натижалар “омикрон” вариантига тааллуқли эканлиги тасдиқланди. Хусусан, еттита ҳолат BА.5.2 мутацияси намунаси бўлиб, у АҚШда 18 фоиз, Буюк Британияда 13 фоиз тарқалгани тахмин қилинмоқда”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, яна учта намуна эса “омикрон”нинг BА.5.2.1 кичик штаммига тегишли бўлиб чиққан. У АҚШда аниқланаётган жами коронавирус мутацияларининг 39 фоизига тенг. Қолган бошқа ҳолатлар BА.2, BF.5, BF.7, BА.5.1, BА.4.6 модификациялари эканлиги аниқланган.
Айни пайтда мутахассислар аҳолига бустер дозада вакцина олишни тавсия этмоқда. Уларнинг таъкидлашича, эмланиш коронавирусдан ҳимояланишнинг ягона хавфсиз ва самарали чорасидир.