ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Толибон* томонидан тузилган Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдул-Қаҳар Балҳий ўзининг Twitter’даги саҳифасида Тожикистон ва Қирғизистонни чегарадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар берди.
Абдул-Қаҳар Балҳийнинг сўзларига кўра, қўшни давлатлар чегарасидаги вазият хавотир уйғотмоқда.
“Афғонистон Ислом Амирлиги ҳар икки томонни чегаравий келишмовчиликларни тинчлик ва мулоқот йўли билан ҳал қилишга чақиради. Давом этаётган жанглар бутун минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир қилиши мумкин. Чегаранинг ҳар икки томонида истиқомат қиладиган одамлар жабр кўриши ёки уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлиши нотўғри”, -дейди у.
Шунингдек, Балҳий ҳар икки томонга тинч аҳоли қурбон бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида навбатдаги қуролли тўқнашув юз берди. Томонлар уни бошлашда бир-бирларини айблашмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, чегарадаги қуролли тўқнашув оқибатида 59 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, яна 100 дан ортиқ киши жабрланган. Қирғизистон президенти 19 сентябрни қурбонлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилди.
Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, чегарадаги тўқнашувда 28 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 30 га яқин киши жароҳатланган.
* Террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остидаги ташкилот