ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегацияси Буюк Британия қироличаси Елизавета иккинчининг дафн маросимида иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, қиролича бугун Виндзордаги Авлиё Георгий бутхонасида, турмуш ўртоғининг ёнига дафн этилади. 10 кунлик миллий мотамни якунлайдиган Вестминистр аббатлигида бўлиб ўтадиган маросимда қарийб 2 мингга яқин киши ҳозир бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британиянинг янги қироли Чарльз IIIга онаси қиролича Елизавета II вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирган.
“Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди”, - дейилади давлат раҳбарининг таъзияномасида.