Россиядан Жиззахга 20 минг тонна юқори навли буғдой уруғи олиб келинди

Импорт қилинган мазкур уруғлар сабабли Ўзбекистон шароитида ғалла ҳосилдорлиги 10-15%га ошиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Россиядан Жиззах вилоятига 20 минг тонна юқори навли буғдой уруғи олиб келинди. Бу ҳақида Уруғчиликни ривожлантириш маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Россиянинг Краснодар ўлкасидаги П.П.Лукьяненко номидаги Дон миллий маркази селекциясига мансуб буғдой уруғи Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитига мос.
“Россия селекциясига мансуб эртапишар, юқори ҳосилли буғдой навларининг уруғлигини Жиззах вилоятидаги “Кентекс” МЧЖ агрокластери томонидан ўз маблағлари ҳисобига олиб келинди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда олиб келинган уруғлик донни белгиланган тартибда тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш тадбирлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, республика бўйлаб кузги муддатларда экиш учун ғалла етиштирувчи агрокластер ва фермер хўжаликларига тўғри тақсимлаш ҳамда етказиб бериш ишларини ташкиллаштириш амалга оширилмоқда.
“Импорт қилинган мазкур уруғлар сабабли Ўзбекистон шароитида ғалла ҳосилдорлиги 10-15%га ошиши кутилмоқда. Бунда уруғнинг ўз вақтида олиб келиниши катта аҳамиятга эга, чунки ўз вақтида экилган уруғ юқори ҳосил олинишига пухта замин яратади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан 2023 йил ҳосили учун уруғлик ғалла майдонларида ўтказилган дала апробацияси натижаларига кўра, 77,8 минг гектар ер майдонлари яроқли деб топилди ҳамда 270 минг тоннадан ортиқ уруғлик дон жамғарилди.