Паркентдан қадимги мис тангалар хазинаси топилди - фото

Тозаланган тангалардан айримларининг бир томонида “зарб Тошкент ( )” ёзувигина ўқилди – тафсилотлар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Тошкент вилояти Паркент туманидан XVI асрнинг охири – XVII асрнинг бошларига оид хазина топилди. Бу ҳақида Фанлар академияси хабар берди.
Туманда яшовчи Насиба Бегматова 16 сентябрь куни ўз уйининг ҳовлисида ўра қаздираётганда кўкариб занглаб кетган мис тангалар хазинаси топиб олди.
Мис тангалар
Хазина мутахассислар, уй эгалари ва археолог гувоҳлигида саноқдан ўтказилди ва уларнинг сони 939 та эканлиги аниқланди. Улар ўрганиш ва давлатга топшириш учун олинди.
Мис тангалар топилган жойнинг ўзида кўздан кечирилиб, уларнинг диаметри 115 сантиметр бўлган ўранинг ер сатҳидан 40-50 сантиметр чуқурлигида, бир жойда тўпланган ҳолда топилган.
Тангалар топилган жойдаги тупроқ орасидан ўлчами 25х25х5 сантиметр бўлган пишиқ ғишт бўлаги, мовий рангда сирланган ва сирсиз идишларнинг майда парчалари сақланганлиги аниқланди.
Мис тангалар
Тангаларни дастлабки ўрганиш узоқ вақтлар давомида ер остида, нам тупроққа қоришиб чириганлиги сабабли уларнинг ҳар иккала томонининг юзалари текисланиб кетганлигини кўрсатди.
“Тангаларнинг айримларига ишлов берилиб, тозаланиши уларда доира шаклдаги ҳалқа ва унинг ичига араб ҳарфларидаги ёзув битилганлиги маълум бўлди. Тангаларга зарб саёз урилганлиги ҳам улардаги ёзувлар яхши кўринмаслигига сабаб бўлди”, дейилади хабарда.
Тозаланган тангалардан айримларининг бир томонида “зарб Тошкент ( )” ёзувигина ўқилди.
Иккинчи томонини ўқишнинг имкони бўлмади. Аммо, авваллари аниқланган, айнан уларга ўхшаш тангалар билан қиёсий таҳлил янги топилган хазинанинг XVI асрнинг охири – XVII асрнинг бошларига тегишли эканлигини кўрсатди.
Улар топилган жойдан аниқланган ашёвий далиллар - 25х25х5 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар, мовий рангдаги сирланган ва сирсиз сопол идиш синиқлари ҳам юқорида кўрсатилган даврда ишлаб чиқарилган.