Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони 3 бараварга кўпайди

Мамлакатга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Жорий йил бошидан сентябргача бўлган даврда Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди ва 3,1 миллион нафарни ташкил этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Давлат раҳбари бу йили туризм учун пандемиядан кейин қайта тикланиш даври бошланганини таъкидлади.
Жумладан:
сентябргача бўлган даврда мамлакатга келган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга кўпайди ва 3,1 миллион нафарни ташкил этди;
йил бошидан туризм экспорти ҳажми 926 миллион доллар бўлди (2019 йил давомида 951 миллион доллар бўлган);
мамлакатга келган меҳмонларнинг саёҳати ўртача 4-5 кунгача, сарфлаган маблағи 305 долларгача кўпайди (бу 2019 йилда ўртача 3 кунни ташкил этиб, улар 195 доллар сарфлаган);
Ички саёҳат қилувчилар сони ҳам ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ўсиб, 7,5 миллион нафарни ташкил қилди.
Туризмда топилган даромаднинг 30 фоизи одамларнинг қўлига иш ҳақи бўлиб бориши, саноатда ва бошқа тармоқларда бу 10 фоиздан ошмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Таъкидланишича, туризм соҳасида яратилган битта иш ўрни турдош тармоқларда қўшимча иккита иш ўрни пайдо бўлишига туртки беради.