Маданият вазирлиги Фарғонада фонограммада қўшиқ куйлаш тақиқланишига муносабат билдирди

Вазирлик байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш ташаббуси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаслигини маълум қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 сен — Sputnik. Маданият вазирлиги Фарғонада вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
Вазирлик Фарғона вилояти ҳокимлигининг маданият ва санъат соҳасини янги босқичга олиб чиқиш жараёнига ҳисса қўшишга қаратилган ташаббуслари эътиборга лойиқлигини таъкидлаган.
“Бироқ вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш борасидаги ташаббус амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайди”, - дейилади хабарда.
Вазирлик доимо жонли ижро тарафдори бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини қайд этган.
“Лекин биз фонограммани тақиқлаш эвазига эмас, балки жонли ижрони рағбатлантириш, санъаткорларни қўллаб-қувватлаш ҳисобига уни янада кенг оммалаштириш истагидамиз”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, президентнинг тегишли фармони билан давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилган. Бугунги кунгача кўплаб санъаткорлар ушбу имтиёздан фойдаланди ва фойдаланмоқда. Мазкур рағбат бошқа қўшиқчиларнинг ҳам жонли ижрога бўлган хоҳиш-истагини кучайтирмоқда.
Вазирлик фонограммадан эса, масалан, телевидение учун тасвирга олинадиган лойиҳалар, концерт дастурлари, байрам тадбирларида сифатни таъминлаш мақсадида режиссёр талаби билан айрим ўринларда фойдаланилишини таъкидлаган. Бундай ёндашув ривожланган давлатларда ҳам мавжуд.
“Шу жиҳатдан Фарғона вилояти ҳокимлигидан ҳудудда бўладиган байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтишни тақиқлаш эмас, балки жонли ижрочиларни рағбатлантириш, уларга янада кенгроқ имконият бериш позициясидан келиб чиқиб ёндашишни сўраб қоламиз”, - дейилади вазирлик баёнотида.
Маданият вазирлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини, соҳа ривожи учун билдириладиган таклифларни кўриб чиқиб, инобатга олишни маълум қилган
Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокимининг Фарғонада вилоят байрам тадбирларида фонограммада қўшиқ айтиш тақиқланиши, ижрочилар саҳнада чолғучилар билан бирга жонли ижрода куйлаши борасидаги кўрсатмаси маъқуллангани хабар қилинган эди.