ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари ва директорлари захирасини шакллантириш бўйича махсус портал ишга туширилади. Бу ҳақида А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти хабар берди.
Қайд этилишича, эндиликда педагог устозлар ишга жойлашишда сарсон бўлмайди.
Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқитувчилари ҳамда директорлар портфолиосини яратиш, инсон омили аралашмаган рейтингини белгилаш учун “Мактаб ўқитувчилари ва директорлари захирасини шакллантириш портали” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Бу борада миллий-тадқиқот институти томонидан фанлар бўйича мактаб ўқитувчилари ва директорлар захирасини шакллантириш электрон (портал) тизими яратилмоқда.
“Бунда халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган раҳбар ва педагог кадрлар захираси ва ўқитувчи лавозимига талабгор кадрлар электрон портфолиоси яратилади”, дейилади хабарда.
Таълим тизимида фанлар, мактаблар, ҳудудлар кесимида вакант ўринларининг статистикаси аниқланиб, ҳудудлар ва фанлар кесимида ўқитувчилар захираси шакллантирилади.