Ўзбекистон гимнастикачилари 2023 йилги ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди

Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 7-ўринни эгаллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 сен — Sputnik. Ўзбекистон терма жамоаси бадиий гимнастика бўйича 2023 йилги Жаҳон Чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Бу ҳақида Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар берди.
Шу кунларда Болгария пойтахти София шаҳри бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада 7-ўринни эгаллади ҳамда Испаниядаги жаҳон чемпионатида олимпиада лицензияси учун кураш олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди.
Болгария, Исроил ва Испания терма жамоалари мос равишда мусобақанинг олтин, кумуш ва бронза медаллари билан бир қаторда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланма олди.
Мазкур жаҳон чемпионатининг энг кучли 24 та жамоаси 2023 йили Испанияда бўлиб ўтадиган ҳамда Олимпия ўйинларига лицензия берадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бугун мусобақанинг якка тартибдаги кўпкураш баҳсларининг финал босқичи бўлиб ўтади. Саралашда яхши иштирок этиб финал босқичи йўлланмасига эга бўлган Тахмина Икромова иштирок этади.