ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Қирғизистон чегарачилари келишувни бузган ҳолда Тожикистон чегара постини ўққа тутганини маълум қилди.
“Шу билан бирга Қирғизистон ҳарбий хизматчилари оғир ўқ ва миномётлардан фойдаланган ҳолда Исфара шаҳрининг Чоркуҳ қишлоғидаги Хўжаи Ало, Қуммазор, Сурх, Сомониён, Қулканд аҳоли пунктларига, шунингдек, Хистеварзга ва Овчикалача, Бобожон, Ғофуров туманига қуролли ҳужум уюштирди”, дейилади РИА Новости хабарида.
Тожикистон томонининг фикрича, бир кун аввал, музокаралар чоғида томонлар Ворух ва Чоркуҳ қишлоқлари ҳудудидаги чегара периметридан техникани олиб чиқишга келишиб олган бироқ қирғиз ҳарбийлари буни амалга оширмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати Тожикистон келишувларни бузган ва республиканинг чегара ва фуқаро объектларига “хиёнаткорлик” билан ҳужум қилганини маълум қилганди.
14 сентябрь куни Қирғизистон чегара хизмати Булоқбоши ҳудудида икки давлат чегарачилари ўртасида отишма содир бўлгани ҳақида хабар берганди. Aгентлик маълумотларига кўра, бу Тожикистон чегара отрядининг чегара участкасида жанговар позицияларни эгаллагани сабабли бошланган.
Куннинг ярмида икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида яна бир тўқнашув бошланди - Как-Сай ҳудудида. Расмий маълумотларга кўра, қирғизистонлик икки чегарачи яраланган бўлса, Тожикистонда бир киши ҳалок бўлган, икки нафари яраланган.