ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Ҳозиргина Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг Саммитида Самарқанд декларацияси қабул қилинди.
Самарқанд декларацияси мазкур саммитнинг асосий ҳужжати ҳисобланади. Унда ташкилотни янада ривожлантириш масалалари ҳамда глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари бўйича барча мамлакатларнинг бирлашган позициялари акс эттирилган.
Декларация, хусусан, ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари, логистика ҳамда иқлим ўзгаришига доир масалаларни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз бугун Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 13та давлат раҳбарлари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакичлари иштирок этмоқда.
Айтиш жоизки Самарқанд саммити пандемиядан сўнг офлайн форматда ўтказилаётган биринчи учрашувдир. Аксарият давлат раҳбарлари 3 йил ва ундан ортиқ йил давомида илк бор юзма-юз учрашишмоқда.