ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Самарқандда сўзга чиққан Беларусь президенти Александр Лукашенко ШҲТнинг ҳудудий ташкилотдан глобал ташкилотга айланиш вақти келганини айтди.
Хусусан, Лукашенко Беларусь 2010 йилдан буён ШҲТда мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга бўлганини, 2015 йилдан сўнг эса кузатувчи мақомида бўлганини айтиб ўтди. "Ўтган давр мобайнида биз ташкилотнинг мақсад ва маслаклари бизникига тўғри келиш келмаслигини синчиклаб ўргандик" - деди Лукашенко.
"Бугун бутун дунёда прогрессив инсониятнинг нигоҳи ШҲТга қаратилган. Кўплаб давлатлар ШҲТ эшигини қоқмоқда. Демак, ШҲТнинг ҳудудий ташкилотдан глобал ташкилотга айланиш вақти келди. Менимча бу вақтдан самарали фойдаланиш керак", - деди Лукашенко.
Эслатиб ўтамиз бугун Самарқандда ШҲТ давлат раҳбарлари саммити бўлиб ўтмоқда. Унда 13та давлат раҳбарлари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакичлари иштирок этмоқда.
Айтиш жоизки Самарқанд саммити пандемиядан сўнг офлайн форматда ўтказилаётган биринчи учрашувдир. Аксарият давлат раҳбарлари 3 йил ва ундан ортиқ йил давомида илк бор юзма-юз учрашишмоқда.