ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Самарқандда бўлиб ўтаётган йиғилишида Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг логистика имкониятларига алоҳида тўҳталиб ўтди. Бу ҳақида Sputnik хабар берди.
“Шу йилнинг 7 ойи давомида Озарбайжон орқали транзит деярли 50 фоизга ошди. Мамлакат флоти 52 та кемадан иборат. Боку кемасозлик заводи барча турдаги кемаларни ишлаб чиқариши мумкин. 19 минг км йўл қурилиб, капитал таъмирланди”, дейди Илҳом Алиев.
У ўз сўзида шунингдек, Ўзбекистон жадал ривожланиш ва муваффақиятли ислоҳотлар йўлидан ўтганини айтиб ўтди.
“Биродарим Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон жадал ривожланиш ва муваффақиятли ислоҳотлар йўлидан ўтди”, дейди Озарбайжон раҳбари.
Шунингдек, у бир неча ой аввал республикага жуда муваффақиятли ташриф буюргани ва “қардош Ўзбекистон заминида бўлганидан” мамнун эканлигини таъкидлади.