ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Самарқандда бўлиб ўтаётган Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклиф қилинди.
Қайд этилишича, кун тартибидаги экологик муаммолар алоҳида долзарблик касб этмоқда.
“Барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир”, деди Шавкат Мирзиёев.
Хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ШҲТ ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.
ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва уларга тезкорликда муносабат билдиришга оидшартномалар асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мамлакатлардаги вазиятни баҳолаш ва бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда мажмуавий қарорлар қабул қилиш учун Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.