ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. АҚШ ҳукумати безориларча ўз қонунларини халқаро ҳамжамиятга қабул қилдирмоқда. Бу ҳақда Эрон президенти Иброҳим Раисий Самарқанддаги ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида маълум қилди.
Раисийнинг сўзларига кўра, АҚШ бошқа мамлакатларга нисбатан босим ўтказиш дастакларидан фойдаланмоқда.
“ШҲТ бу бир томонлама ёндашувга қарши курашмоғи зарур. Банк соҳасида савдо шериклик ва инфратузилмани мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга”, - деди Эрон етакчиси.
Раисий Эрон ҳамкорлик орқали адолатли дунё яратиш марказида бўлишни мақсад қилганини таъкидлади.
"Биз сиртдан аралашувнинг аччиқ тажрибасини бошдан кечирмоқдамиз. АҚШ ўз аралашув сиёсатини давом эттирмоқда ва уни Осиё қитъасининг бошқа давлатларига кенгайтирмоқда", - деди у.
Эрон раҳбари Сурия ва Афғонистон тажрибасидан сабоқ олиш лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, НАТО сиёсатининг давом этиши бутун дунё учун таҳдиддир.
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь, Мўғулистон ва Эрон етакчилари иштирок этади.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва Арманистон , шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.
Самарқанд саммитининг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.