ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Самарқандда бўлиб ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло билан қисқача суҳбатлашди.
Учрашув жойидан олинган кадрларда саммитнинг кенгайтирилган таркибдаги учрашувдан сўнг БМТ вакили Путиннинг ёнига келгани ва улар таржимон ёрдамида тик оёқда туриб суҳбатлашгани тасвирланган.
Мажлисда Путин Розмари ДиКарло залда эканидан фойдаланган ҳолда БМТ Котибиятидан Еврокомиссияга Россия ўғитларини ривожланаётган мамлакатларга етказиб беришдаги дискриминацион чекловларни олиб ташлаш учун таъсир ўтказишни сўради. Россия Федерацияси президенти бу масалани аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.